Виржиния Вулф.
Аёллар учун касблар.
Котибангиз мени бу ерга таклиф этар экан, жамият аёлларининг меҳнат билан банд бўлиш масалалари билан шуғулланишини айтди ва мендан ўзимнинг касбий тажрибаларим ҳақида сўзлаб беришимни сўради. Рост, мен аёлман; рост, мен меҳнат қиламан; лекин қандай касбий тажрибаларим бор? Буни аниқ айтиш осон эмас. Менинг касбим – адабиёт. Бу соҳада (саҳна санъатидан ташқари) аёллар учун ўзларига хос тажрибалар бошқа соҳаларга нисбатан анча кам. Чунки бу йўл мендан анча олдин Фанни Бёрни, Афра Бен, Ҳарриет Мартино, Жейн Остин, Жорж Элиот каби машҳур адибалар, ҳозир исмлари унутилган, аммо ўз вақтида қалам тутган кўплаб бошқа аёллар томонидан очилган. Улар мен учун йўлни юмшатиб, из қолдириб кетганлар. Шунинг учун ёзишни бошлаганимда моддий ёки маънавий тўсиқлар йўқ эди. Ёзиш обрўли ва безарар машғулот саналади. Қаламнинг тиқирлаши оила тинчлигини бузмайди. Оила бюджетидан пул ҳам сўрамайди. Ҳатто ўн шиллингу олти пеннига Шекспирнинг барча асарларини ёзишга етадиган қоғоз сотиб олиш мумкин, агар кишида шундай истак бўлса, албатта. Ёзувчи бўлиш учун пианинолар, моделлар, Париж, Вена ва Берлинга саёҳатлар, устозлар ёки мураббийлар шарт эмас. Ана шу арзон қоғоз аёллар нима учун бошқа соҳаларда эмас, аввало ёзувчиликда муваффақият қозонганининг асосий сабабидир.
Энди ўз ҳикоямни сўзлаб берсам: у жуда оддий. Тасаввурингизга шундай бир манзарани келтиринг: қўлида қалам тутган бир қиз ётоқхонада ўтирибди. У қилиши лозим бўлган ягона иш – қаламни соат ўндан биргача қоғоз устида чапдан ўнгга ҳаракатлантириш, холос. Шундан кейин у жуда жўн ва камчиқим бир юмуш қилишни ўйлаб топди: ёзилган саҳифалардан бир нечтасини конвертга солди, бурчагига бир пеннилик марка ёпиштирди ва уни кўчадаги қизил почта қутисига ташлади. Мана шундай қилиб, мен журналист бўлдим. Ва бу меҳнатим жуда тез мукофотланди, кейинги ой мен учун беқиёс бир қувончли кунда муҳаррирдан хат олдим. Хат билан бирга бир фунт ўн шиллингу олти пеннилик чек бор эди. Бироқ сизга касбли аёл сифатида ҳаётим қанчалик енгил бўлганини, шундай ҳаёт кечирган аёллар дуч келадиган қийинчиликлардан қай даражада бехабар эканимни кўрсатиш учун бир нарсани тан олишим керак: мен ўша пулни нон, ёғ, уй ижараси, пойабзал ёки гўшт учун эмас, балки бошқача нарсага – мушук сотиб олишга ишлатдим. Ёқимтой форс зотли бир мушук. Аммо у тез орада қўшнилар билан ўртамизда жиддий низолар чиқишига сабаб бўлди.
Нима осон бўлиши мумкин эди – мақолалар ёзиш ва улардан тушган фойдага форс мушуклари сотиб олишдан бошқа? Лекин бир дақиқа. Мақолалар ҳақидаги гапиришим керак-ку. Менинг мақолам, эслашимча, машҳур бир эркак ёзган роман ҳақида эди. Бу тақризни ёзаётган чоғимда шунга амин бўлдимки, агар китоблар ҳақида ёзишни хоҳласам, мавҳум соядаги бир кимса билан жанг қилишимга тўғри келарди. Бу соя – бир аёл эди, яхшироқ таниганим сари уни машҳур бир шеър қаҳрамони номи билан атадим – “Уй фариштаси”. Ҳар сафар қоғозни қўлимга олганимда, у мен билан қоғоз орасига тушарди. У мени безовта қиларди, вақтимни йўқотарди, шунчалик азоб берардики, охири мен уни ўлдирдим. Сизлар кейинги, бахтлироқ авлод вакиллари эҳтимол, у ҳақда эшитмагансиз. Балки “Уй фариштаси” деганда нимани назарда тутганимни ҳам билмассиз. Қисқача айтаман. У беқиёс даражада ҳамдард эди. У гўзал эди. У мутлақо фидойи эди. У оилавий ҳаётнинг мураккаб санъатларини мукаммал эгаллаган эди. У ҳар куни ўзини қурбон қиларди. Агар дастурхонда товуқ бўлса, у оёғини тановул қиларди; агар хонада елвизак эсса, у айнан ўша ерда ўтирарди. Қисқаси, у шундай яратилганки, ҳеч қачон ўз фикри ёки хоҳишига эга бўлмасди, балки ҳар доим бошқаларнинг истакларига ҳамдард бўлишни афзал кўрарди. Энг аввало, буни айтиш шарт эмасдир, у соф эди. Унинг поклиги асосий гўзаллиги ҳисобланарди: юзи қизариши унинг буюк нафислиги эди. Викториан даврининг охирларида ҳар бир уйнинг ўз фариштаси бўлар эди. Ва мен ёзишни бошлаганимда айнан биринчи сатрларимданоқ уни учратдим. Унинг қанотлари сояси саҳифамга тушди; хонада унинг юбкалари шитирлаганини эшитдим. Аниқроғи, машҳур бир эркак ёзувчининг романини кўриб чиқиш учун қаламни қўлимга олдимми, у орқамдан сузилиб кириб шивирлади: “Ажаб-о, сен ёш аёлсан. Бир эркак томонидан ёзилган китобни таҳлил қиляпсан. Ҳамдард бўл; мулойим бўл; мақта; алда; жинсингнинг барча санъат ва маккорликларини қўлла. Ҳеч ким ўз фикринг борлигини англамасин. Энг муҳими, соф бўл.” Ва у қаламимни бошқармоқчи бўлгандай ҳаракат қилди. Мен эса ҳозир сизларга ўзим фахрланадиган бир амални айтаман, гарчи бу шараф аслида менга муайян миқдорда мерос қолдирган буюк ва оқил аждодларимга тегишли бўлса-да. Дейлик, бу йиллик беш юз фунт атрофидаги даромадим эди. Шу боис тирикчилик қилиш учун ўз жозибамгагина суянишга муҳтож эмас эдим. Мен у томонга ўгирилиб бўғзидан ушлаб олдим. Уни ўлдиришга бор кучим билан уриндим. Агар суд олдида айбим сўралса, ўзимни ўзим ҳимоя қилишга уринганимни айтар эдим. Агар уни ўлдирмаганимда, у мени ўлдирган бўларди. У мақоламнинг юрагини суғуриб оларди. Чунки англадимки, қаламни қоғозга теккизишим биланоқ роман ҳақидаги танқидни ўз фикрингсиз ёзиб бўлмайди, инсон муносабатлари, ахлоқ, жинс ҳақида ҳақиқат деб билганингни баён қилмасдан бўлмайди, деб ўйлардим. Аммо “уй фариштаси” деб аталган ўша мавҳум аёлнинг таълимотига кўра, аёл киши бу ҳақда эркин ва очиқ ёза олмайди; у гўзал бўлиши, муросали бўлиши, тўғрисини айтганда, муваффақият қозониш учун ёлғон гапириши керак. Шунинг учун унинг қаноти сояси саҳифамга тушганини ҳис қилсам, сиёҳдонни олиб у томон отар эдим. У осонликча ўлмади. Уйдирма табиати унга катта куч берганди. Чунки мавҳумотни ўлдириш тирик жонникидан кўра анча қийин. Мен уни бутунлай йўқ қилдим, деб ўйлаган лаҳзамда ҳам яна секингина қайта пайдо бўларди. Гарчи охир-оқибат уни енгдим, деб ўзимга тасалли берсам-да, бу жанг оғир кечди; у менинг жуда кўп вақтимни олиб қўйди: ўша вақтни юнон тили грамматикасини ўрганишга ёки саргузашт излаб дунё кезишга сарфлашим мумкин эди. Лекин бу ҳақиқий тажриба эди; бу ўша даврдаги ҳар бир аёл ижодкор бошидан кечириши табиий бўлган жараён эди. “Уй фариштаси”ни ўлдириш адибалар меҳнатининг бир қисми эди.
Келинг, ҳикоямни давом эттирай. Фаришта ўлди; энди нима қолди? Сиз айтасизки, фақат жўн ва одатий манзара қолди – қўлида сиёҳдони бор ёш аёл хонада ўтирибди, холос. Яъни у ёлғонлардан халос бўлгач, энди фақат ўзи қолиши керак эди. Лекин “ўзи билан ўзи бўлиш” нима дегани? Яъни, аёл нима ўзи? Ростини айтсам, бунга жавобни билмайман. Сиз ҳам билмасангиз керак, деб ўйлайман. Ҳатто, менимча, ҳеч ким билолмайди, то аёл ўзини инсон қобилияти етадиган барча санъат ва касбларда ифода этмагунча. Ана шундан келиб чиқиб, мен бу ерга ҳурмат ила келдим: чунки сизлар ўз тажрибаларингиз билан бизга “аёл нима”лигини кўрсатяпсиз; ўз муваффақият ва хатоларингиз билан бизга жуда муҳим бир нарсани – аёлнинг ҳақиқий моҳиятини англаш имконини беряпсиз.
Энди касбий тажрибаларим ҳақидаги гапимни давом эттираман. Илк тақризим орқали бир фунт ўн шиллингу олти пенни пул ишладим ва бу пулга форс мушуги сотиб олдим, дедим. Кейин менда ҳавас уйғонди. Форс мушуги ёмон эмасу, лекин етарли эмас. Менда машина бўлиши керак. Шу тарзда романнавис бўлдим, зеро, бу жуда ажиб ҳолат: шунчаки ҳикоя айтиб берсангиз, одамлар сизга машина бериши мумкин. Янада ғалати нарса шуки, дунёда ҳикоя сўзлашдек лаззатли нарса йўқ. Бу машҳур романларга тақриз ёзишдан кўра анча завқли. Аммо агар котибангизнинг сўзига итоат этиб, сизни романнавис сифатидаги тажрибаларим билан таништирмоқчи бўлсам, унда бошимдан кечган ноодатий бир воқеани ҳам айтиб беришим керак бўлади. Уни тўлиқ англаш учун эса аввал романнависнинг руҳий ҳолатини тасаввур қилишингиз лозим. Буни айтсам, касбий сирни ошкор этмасман деб умид қиламан: романнависнинг энг катта орзуси мумкин қадар ўз онгидан воз кечишдир. У ўзини доимий ҳаракатсизлик, латиф уйқу ҳолатига солиши керак. У ҳаёт жимжит ва тартибли кечишини хоҳлайди. У бир хил юзларни кўришни, бир хил китобларни ўқишни, бир хил ишлар билан шуғулланишни хоҳлайди, кундан-кунга, ойдан-ойга шундай тинч ва ўзгаришсиз ҳаёт кечиришни орзу қилади. Чунки айнан шундагина у яшаётган иллюзия бузилмайди; ҳеч нарса унинг онгини безовта қилмайди, у тасаввур деб аталмиш уятчан, қочқоқ, бироз сирли руҳнинг юриш-туришларини, сезимларини, тўсатдан келган илҳом ва кашфиётларини шовқинсиз кузатиши мумкин бўлади. Менимча, бу ҳолат эркак ва аёл ёзувчилар учун бир хилдир. Қандай бўлмасин, сиздан сўрайман: мени роман ёзаётган, гўё транс ҳолатидаги аёл сифатида тасаввур қилинг. Қўлида қалам тутиб, узоқ дақиқалар, ҳатто соатлаб уни сиёҳга ботирмаган аёлни кўз олдингизга келтиринг. Бу аёл ҳақида ўйласам, кўз олдимда чуқур кўл соҳилида ётган, қўлида илгичли қармоқ тутган, орзуларга чўмган балиқчи гавдаланади. У тасаввурини чексиз ҳаракатлантирар, онг тубидаги чуқурликлар, ҳар бир ғор ва тош остидаги маконларни эркин айланар эди. Ва шунда тажриба бошланди. Бу ҳолат, менимча, аёл ёзувчиларда эркакларга нисбатан кўпроқ учрайдиган ҳолат. Қизнинг бармоқлари орасидан қармоқ илгичи тезлик билан чиқиб кета бошлади. Унинг хаёли отилиб кетди: у онг тубидаги энг йирик балиқлар ухлаб ётган чуқур гўшаларни излаётган эди. Бирдан тарс этган товуш эшитилди. Портлаш юз берди. Кўл юзасида кўпик ва саросима кўтарилди. Тасаввур бориб, қаттиқ нарсага урилаётган эди. Қиз тушдан уйғонди. У чиндан ҳам оғир ва қалтис ҳолатга тушган эди. Агар буни образсиз айтсак, у ниманидир ўйлаб қолди: тана ҳақида, туйғулар ва шаҳват ҳақида, аёл киши сифатида айтмоғи мумкин бўлмаган нарсалар ҳақида. Унинг ақли шундай дерди: эркаклар бу сўзлардан даҳшатга тушади. Аёлнинг ўз туйғуларини очиқ айтганидан кейин эркаклар у ҳақида нима деркин, деган ўй унинг онгини тинимсиз қийнай бошлади ва шу билан у ижодий онгсизлик ҳолатидан тўла уйғонди. Энди ёзишнинг иложи йўқ эди. Илҳом узилди. Хаёл парвози тугади. Менимча, бу ҳолат аёл ёзувчилар учун жуда таниш, уларни аксар вақт жамиятдаги эркаклар белгилаб қўйган чегаралар тўхтатиб қўяди. Чунки эркаклар бу мавзу борасида ўзларига бемалол рухсат беришади, аммо айни шу эркинликни аёлларда кўришса кескин танқид қилишларини, ҳатто назорат қилишга уринишларини, менимча, ўзлари ҳам англамайди.
Демак, булар менинг чинакам тажрибам эди. Касбий ҳаётимдаги икки саёҳат, икки синов. Биринчиси, “уй фариштасини” ўлдиришни ҳал қилдим, деб ўйлайман. У мавҳ этилди. Аммо иккинчиси, ўз танам, ўз ҳис-туйғуларим ҳақидаги ҳақиқатни айтишни ҳануз ҳал қила олмадим. Менимча, ҳали ҳеч бир аёл бу муаммони тўлиқ ечолмаган. Унинг йўлидаги тўсиқлар ҳалигача кучли, аммо уларни таърифлаш ҳам жуда қийин. Ташқаридан қараганда, китоб ёзишдан осон нарса йўқдек. Ташқаридан қараганда, аёл учун эркакдан кўра кўпроқ тўсиқ бордек ҳам кўринмайди. Аммо ички дунёда бу мутлақо бошқача. Аёл ҳали ҳам кўринмас арвоҳлар билан жанг қилиши, кўп хурофотлар, адолатсиз қарашлар билан курашиши керак. Ростдан ҳам, менимча, аёл киши китоб ёзиш учун ўтирганда, ҳеч қандай арвоҳ билан тўқнашмай, ҳеч қандай тошга урилиб синмай ёзишигача ҳали анча вақт керак бўлади. Агар шундай ҳолат аёллар учун энг эркин касб бўлмиш адабиётда мавжуд бўлса, унда сизлар энди кириб бораётган янги касбларда аҳвол қандай экин? Шу саволларни сизларга бергим келарди. Албатта, ўз касбий тажрибаларим ҳақида шунчалик урғу билан сўз юритганимнинг сабаби шундаки, мен ишонаман, бу тажрибалар, бошқача шаклда бўлса-да сизнинг тажрибаларингиз ҳамдир. Йўл номига очиқ бўлган тақдирда ҳам аёл киши шифокор, ҳуқуқшунос ёки давлат хизматчиси бўлишига ҳеч қандай расмий тўсиқ йўқдек туюлса ҳам менимча, унинг йўлида ҳали ҳам кўплаб арвоҳлар ва кўринмас тўсиқлар мавжуд. Бу тўсиқлар ҳақида муҳокама юритиш ва уларни аниқ таърифлаш жуда муҳим ва қимматли вазифадир. Чунки фақат шундагина меҳнатдаги қийинчиликлар енгилиши мумкин. Аммо бунинг устига яна бир муҳим нарса бор: биз қандай мақсад учун курашаётганимизни, бу даҳшатли тўсиқлар билан қандай манзил учун курашаётганимизни ҳам муҳокама қилиш лозим. Бу мақсадларни ўз-ўзидан маълум деб қабул қилиш мумкин эмас, уларни доимо қайта-қайта сўроқ қилиб, таҳлил қилиб туриш керак. Менинг назаримда, бу ҳолат тарихда илк бор турли касбларда фаолият юритаётган аёллар орасида, мана шу залда туриб ғоят қизиқарли ва жуда муҳим аҳамиятга эга ҳолатдир. Сизлар ҳозиргача фақат эркакларга тегишли бўлган уйда ўзингизга хос хоналарда яшадингиз. Энди катта меҳнат ва саъй-ҳаракат билан бўлса-да, ижара ҳақини тўлай оласиз. Сизлар йилига беш юз фунт ишлаб топа оласиз. Аммо бу эркинлик фақатгина бошланиши. Хона сизники бўлиши мумкин, лекин у ҳали бўм-бўш. Уни жиҳозлаш керак, безаш керак, бошқалар билан бўлишиш керак. Уни нима билан жиҳозлайсиз? Қандай безайсиз? Уни кимлар билан ва қайси шартлар асосида бўлишасиз? Менимча, бу энг муҳим ва қизиқарли саволлардир. Чунки тарихда илк бор сизлар бу саволларни ўзингизга бериш имкониятига эга бўлдингиз; илк бор уларга жавобни ҳам ўзингиз белгилай оласиз. Мамнуният билан бу саволлар ва уларнинг жавобларини сизлар билан муҳокама қилган бўлардим, лекин бу оқшом эмас. Менинг вақтим тугади ва сўзимни якунлашим керак.
Инглиз тилидан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси.







