ХАЛҚ ЮКИНИ КЎТАРГАН ШОИР

Шукрулло,

Ўзбекистон халқ шоири

 

Менинг Рауф билан танишувим Тошкентдаги Навоий кўчасида юз берган. Шунда ёнимга бир ёш йигит келиб:

  • Ассалому алайкум, Шукрулло ака, – деди.
  • Валайкум ассалом. Хўш, манда хизмат борми?
  • Ман Рауф Парфиман, шеърлар машқ қилиб тураман.
  • Ия, қани шеърларингдан битта-яримтасини ёд биласанми? Ўқигин-чи?

Ўшанда у ўқишни энди тугатган пайтлари экан. Менга бир неча шеърларидан ўқиб берди. Шеърлар менга жуда маъқул бўлди.

– Ия, анча пишиб қолибсан-ку! Китобларинг чиққанми?

Ўшанда “нашриётга бериб қўйганман” дедими ёки чиққан дедими, эсимда йўқ.

  • Қани, юр бўлмаса мен билан. Қаерда ишлайсан?
  • Ишламайман.
  • Уй-жойинг борми?
  • Ҳозирча уй йўқ.
  • Ия, уйинг ҳам йўқ, ишинг ҳам йўқ. Қаердаа яшайсан?
  • Шукрулло ака, энди Тошкентда оғайнилар кўп. Рассомлар мани оғайниларим, ўшаларнинг ертўлаларида расмларни кўриб яшайман.
  • Юр ман билан, – дедим.

Ўшанда менинг яқин дўстим Азиз Қаюмов кино бўйича раис бўлиб ишлар эди. У жуда  етимпарвар одам, ёшларни, шеъриятни яхши кўрарди. Рауфни унинг олдига бошлаб бордим.

–   Азизхон,  мана сизга битта шоир олиб келдим.

  • Э, яхши-ку! – деди Азизхон.
  • Бу ҳозирча иш топа олмабди, институтни битирган экан, энди иш қидириб юрибди, сизда қоровуллик-поровуллик бўлса…
  • Эртага келгин, сенга муносиб иш бор.

Шундан кейин Азизхон Рауфни кино сценарийлари бўйича адабий маслаҳатчи қилиб ишга олди. У шу ерда 4 йил ишлади. Бир куни кўчада кўриб “ишларинг қалай?” деб сўрасам, “бўшадим”, деди.

–   Ия, нима  бўлди?

  • 4 йил ўтирдик, сценарийлар келмайди, лекин биз келамиз, ўтирамиз кетамиз.
  • Аҳволинг қалай? – деб сўрадим.
  • Пул йўқ, юрибмиз.

Орадан йиллар ўтди. Кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Лекин хулоса шуки, Рауфни шеърдан бошқа дарди йўқ, миллатдан бошқа дарди йўқ. Унга на бола-чақа, на хотин, на шон-шуҳрат, ҳеч нарса керак эмас. Унинг хаёли, бутун борлиғи шеър. Китоб ўқийди, ёзади. Ўша рассомларнинг ертўласида бўлса ҳам ўқийди, илм олади. Дунёдан, адабиётдан боҳабар одам. Шундан бошқа унга ҳеч нарса керак эмас. Хақиқатни айтиб орзусига етиш. У маънавияти бой шоир эди. У мен талантлиман деб, ўзбек адабиётини ўқиб, шу билан қаноат қилиб қолган эмас. У ғарб адабиётини, шарқ адабиётини, халқ адабиётини яхши билар эди. Саводли шоир эди. Девонаи Машраби эди 20-асрнинг. Бу бекорга тарки дунё қилган эмас эди. У дунёни тушунганидан, миллат нима эканлигини, халқ нима эканлигини, эрк нима эканлигини тушунганидан эди. Ҳамма нарсадан буни буюк қўйган эди, устун қўйган эди. Унинг шеъриятида енгил-елпи фикр йўқ. Аввало, шеърияти дард. У дардни очиқ, мен яхши кўраман, мен ёмон кўраман демасдан, ўша дардни қалбдан ўтказиб ифода қиларди. Унинг ифодасиз шеъри бўлмасди. У айтилган гапларни айтган эмас. Туркияда ҳам юксак мукофот олиши  Парфи шеъриятининг оригиналлигининг ифодасидир. У сўз танларди, унинг рангсиз сўзи бўлмасди, у рангли,  салмоқли  таъсирга эга бўладиган сўзларни топарди. Шунинг учун мен унга меҳр қўйиб, дарвешликларини ҳам, бошқасини ҳам, ҳаммасини кечирардим. Ундан сира  гина қилмасдим.

Бир пайтлар бўлдики, унинг китобларини нашр этиш тўхтатиб қўйилди. Шунда матбуот бошқармасига хат ёздим. “Рауф Парфининг китоби тўхтатиладиган китоб эмас, бу хато бўлибди”, дедим. Кейин улар ҳам секин юмшади. Китоблари яна чиқа бошлади.

Энди ҳамиша биз бир нарсани унитмаслигимиз керакки, халқини севган, унинг дардига дармон бўламан, деган одам, мен битта ўзим унинг дардини кўтараман, демаслиги керак. Халқ дардини кўтаришга ҳисса қўшаман, деган одамларни ёнига тортиши керак. Юкимнинг яримини сен ол, ярмини сен кўтар дейиши керак. Ҳақиқий шоир, халқ дардини ўйлаган одам иккинчи талантнинг бошига урмайди, камситмайди. Унинг ютуғидан қувонади, талантини шон-шуҳратга алмаштирмайди, шуҳрат талашмайди. Бу фазилат Рауфда бор эди. Мени отадек биларди, бутун ишонгани мен эдим. Касал бўлиб қолди, бориб кўрдим, ахволидан хабар олдим, касалхонага ётқизиш ҳаракатини қилдим. Афсус тақдир шу экан. У катта шоир эди, лекин ҳақиқий мерос қолдирди, ҳақиқий ном қолдирди.

 

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting