Тўлқин Йўлдошев,
филология фанлари номзоди
Ўшанда ҳам пахта экилар эди. Ўшанда ҳам катта куч ҳисобланган кўп минг сонли талабалар оқ денгиздай далаларни тўлдириб, умумхалқ ҳашарида фаол қатнашар эдилар. Пахта териш компанияси баъзан икки-уч ойга чўзилиб кетар, бироқ дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган жўшқин ёшлар меҳнат ҳам қилар, яшар, куйлар ва ижод қиларди. Ўшанда йигирманчи асрнинг олтмишинчи йилларида, пахта далаларида ҳамма қатори пахта териб, норма бажариб, ора-сира шеърлар ёзиб қўядиган Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Сафар Барноев, Ойдин Ҳожиева, Турсуной Содиқовалар келгусида ўзбек шеъриятининг пешқадам шоирлари бўлиб етишишлари ва улар ҳақида эсдаликлар ёзишимиз етти ухлаб тушимизга кирмаган.
Айниқса, улар орасида ҳали Рауф Парфи бўлиб ном чиқармаган Турсун Парфи жуда камсуқум, ўта хокисор ва камтар бўлганлигидан, ҳа энди бир ҳаваскор-да, деб анчагина беписанд бўлган эканмиз. Пахта терими пайтида талабаларнинг бирдан-бир кўнгилочар тадбири кечқурунги «машъалабазм»да ҳаваскор шоирлар шеърлар ўқир, қўшиқ ишқибозлари қўшиқ айтар, ҳеч нарсада йўқлар ўйинга тушар эдилар. Шундай пайтларда Турсун Парфидан шеър сўрасак, «оғайнилар, мен шеърни ўзим учун ёзаман, менда кўпчиликка ўқиб берадиган нарса йўқ», деб астойдил хижолат бўлар, «менинг ёзганларимни киши ёлғиз ўқиса дуруст ёки кўпи билан икки-уч киши бўлиб ўқиса нимадир тушуниши мумкин бўлар», деб қўярди.
Бироқ ўша кунларнинг бирида кутилмаган воқеа рўй берди. Пахта даласидан ётоққа эртароқ қайтган Сафар (таниқли шоир Сафар Барно): «Бугун Турсун отам бир кило ҳам пахта термабди, штабга кириши аниқ! Аммо иккита яхши шеър ёзибди, ана шу шеърлари уни ўқишдан ҳайдалишдан сақлаб қолса керак», – деб ҳаммани кулдирди. Маълум бўлишича, ҳамма вақт пахта даласининг энг узоқ жойларида ўзи ёлғиз пахта терадиган Турсун Сафарни чақириб шеърларини ўқиб берибди. Аммо бир кило ҳам пахта термаганини айтиб, ундан маслаҳат сўрабди. Сафар дарров чорасини топибди, «Хавотир олма, отам, мен ўзимни касалга соламан-да, терган пахтамни сенга ёздираман. Аммо битта шарти бор – ёзган шеърингнинг биттасини менга берасан дебди. У кўнибди. Сафар анча пайтгача Турсуннинг «Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар» деб бошланадиган шеърини «Бу меники, мен уни ўн кило пахтага сотиб олганман», деб ўқиб юрди. Шеърнинг яна биттаси – «Лайло» қўшиққа айланиб, кейинчалик машҳур бўлиб кетди. Шеър шундай бошланар эди:
Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни.
Шеърнинг осонгина қўшиққа айланишини пайқаб қолган курсимизнинг созандаси Акрам Каттабеков (кейинчалик филология фанлари доктори, катта олим бўлиб етишди) унга мусиқа басталашга киришиб кетди. У “ҳа” деганда рубобини тинғирлатиб урингандан уринар, атрофига ишқибоз талабалар ҳам йиғилишиб олар, ҳар ким ҳар хилига олиб хиргойи қиларди. Шундай кунларнинг бирида кимдир штабда факультет бадиий ҳаваскорлар тўгарагининг раҳбари Қобилжон Усмоновни кўрганини, у ҳам пахта ҳашарига келганини айтиб қолади. Болалар дарҳол маслаҳатни пиширишди, шеърни устозга кўрсатадиган бўлишди. У кишини топиб ҳам келишди, Қобилжон ака ҳам рубобини ола келган экан. Кичкинагина спорт залининг бурчагида қизғин ижодий иш бошланиб кетди. Шеърнинг мусиқага тушмаган жойларини ўзгартириш керак бўлди, Турсунни ҳам ўтириб ишлашга кўндирдилар. Қобилжон аканинг таклифи билан Турсун нақорат учун қуйидаги янги бир бандни тўкиб берди:
Дилнавозим, дилафгорим,
Ёнингга учай, Лайло.
Ҳисларимни йўлларингга
Маржондай сочай, Лайло.
О, Лайло, о, Лайло!
Кечки соат 11-12 ларда қўшиқ деярли тайёр бўлди. Муаммо шунда эдики, уни эртага машъалабазмда ким ижро этади? Рауфнинг курсдоши ва дўсти Фозил Усмоновми ёки яна бир курсдошимиз Дадахон Ҳасановми? Кўпчиликнинг фикри Фозилда тўхтади. Фозилжон иккала оёғи протез, ногирон йигит эди. Шунинг учунми ё ҳаёти оғирмиди ва ё табиати шундаймиди, ҳарқалай ҳамиша мунгли кўринишда бўларди. Овози ҳам шикаста, аммо кучли ва жарангдор эди. «Лайло»нинг сўзи ҳам, мусиқаси ҳам Фозилжонга жуда маъқул келди, гўё бу қўшиқ нақ унинг учун яратилгандай эди.
Кечқурунги лирик кеча шу қўшиқ билан бошланди. Бошловчи Турсуной Содиқова (ҳозир таниқли шоира, сўз устаси) эълон қилди:
– 3-курс талабаси Фозил ака Усмонов ҳали қирови тўкилмаган, яп-янги «Лайло» номли қўшиқни ижро этади. Шеър муаллифи Турсун Парфи, бастакор Қобилжон Усмонов, торда Акрам Каттабеков жўр бўлади!
Фозилжон бу қўшиқни шундай ижро қилдики, гўё вужуди куйга айланиб кетгандай эди, қолаверса, тинглаб турганларнинг ҳам юраклари эриб кетгандай бўлди! Қўшиқдан сўнг янграган юзлаб талабаларнинг гулдирос қарсаклари узоқ-узоқларга эшитилган бўлиши аниқ. Ҳамма ҳайрат ва ҳавас билан унга тикилаверганидан Турсун ўзини қаерга қўйишни билмас, бу қарсаклардан қочгани жой тополмас эди. Шундай қилиб, ҳашарчилар билан гавжум пахта даласида зўр бир қўшиқ дунёга келди. Турсун Парфи ҳам бирданига қад кўтарди, кўзга кўриниб қолди. То пахта терими тугагунича «Лайло» даланинг энг севимли кўшиғи бўлиб турди. Уни қиз ҳам, йигит ҳам, овози бор ҳам, овози йўқ ҳам ҳиргойи қилгани қилган эди. Биз эшитдикки, Қобилжон Усмонов Фозилжонга қўшиқни пишитиб туришни тайинлаб, пахтадан кейин ижрога янада сайқал бериб, радиога ёздиришини айтибди.
Аммо кутилмаганда бир воқеа ҳаммани ҳангу манг қилиб қўйди. Ўша пайтларда Ўзбекистон радиосида «Ёшлик» номли дастур бўлар эди. Машҳур журналист Рустам Раҳмонов ва ёзувчи Саъдулла Сиёев ташкил қилган бу дастур талабаларнинг энг севимли эшиттириши эди. Ва биз унинг бирорта сонини ўтказиб юбормай тинглар эдик. «Лайло» кўшиғи бинога келиб бир ҳафта ўтиб-ўтмаган, пахта мавсумининг тугашига ҳали яна бир ой бор, не қулоқ билан эшитайликки, биз севган каналдан «Лайло» кўшиғи янграб қолди-ку! Ҳамма тош қотди, айниқса Фозилжон! Нима бўлибди денг? 2-босқич талабаси, ҳаваскор шоир ва ҳаваскор қўшиқчи Дадахон Ҳасанов отни эртароқ қамчилабди-да, пахта компаниясини тугашини ҳам кутмай, радиога бу қўшиқни ўзининг янги қўшиғи тарзида тақдим этган бўлибди ва эфирга узаттирибди. Қарабсизки, бутун Ўзбекистон «Лайло»ни биринчи марта Дадахон Ҳасанов ижросида таниди, қўшиқчининг ўзи ҳам шу баҳонада элга танилиб олди. Бу қўшиқни тайёрлаган Фозилжон эса дардини ичига ютганча қолаверди…
* * *
Пахтадан қайтдик. Ётоқхоналарда ҳам «Лайло»нинг янграши авжида! Бора-бора бу қўшиқнинг яратилиши ҳакида ҳар хил гаплар тарқала бошлади. Шундай ривоятларнинг бирига ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Самарқанднинг Ғаллаорол туманига курсдошим Акрам Каттабековнинг уйига бордик. Эрталаб нонушта пайтида тасодифан дераза токчасидаги газетага кўзим тушди. Район газетаси экан, варақлаб туриб «Лайло» номли мақолани кўриб қолдим. Сарлавҳа остига «Бўлган воқеа» деб ёзиб қўйибдилар. Эмишки, икки ёш бир-бирига кўнгил қўйибдилар, мактабни битиргач, турмуш қуришта аҳдлашибдилар. Кутилмаганда йигит автоҳалокатга йўлиқиб, иккала оёғидан айрилибди. Куни протезга қолибди. (Худди Фозилжонга ўхшаб!) Қиз эса яқинларининг таъсири ва қистови билан бошқасига турмушга чиқиб кетибди. Йигит куйгандан куйибди. Айрилиқнинг куйида шоир ва ҳофизга айланибди. Ўзининг дардли муҳаббати ҳақида «Лайло»ни яратибди. Бу қўшиқнинг довруғи чор тарафга таралибди. Кунлардан бир кун йигит қиз яшайдиган қишлоққа концерт жамоаси билан бориб ўша қўшиқни ижро қилибди. Одамларнинг олқиши чексиз бўлибди. Қарсак тингач, саҳнага бир ёш аёл боши хам ҳолатда чиқиб кела бошлабди. Ва ҳофизга таъзим қилибди. Бу ўша ўн йиллар аввал ундан юз ўгириб кетган севгилиси экан. Шу тарзда улар дийдор кўришибдилар…
* * *
Ўшандан буён қирқ беш йил ўтди. Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг шеърларининг довруғи Ватанимиз сарҳадларидан ошиб, Европа ва Америка қитъасигача етиб борди. Академик Бахтиёр Назаровнинг ёзишича, америкалик туркийшунос олим Олливорт Рауф Парфини йигирманчи аср 70-йиллар ўзбек шеъриятидаги энг пешқадам шоир ҳисоблаймиз, деган экан. Дўстимизнинг ўз дастхати билан туҳфа қилинган «Хотирот» китобини варақлаб ўтириб, ана шу воқеаларни эсладим.
Шеърият ва қўшиқ ихлосмандларига зарур бўлиб қолса деб, қуйидаги матнларни илова киляпман. «Лайло» шеърининг матни:
Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин хаёлингни буздимми?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Япроқ каби кўрдим ўзимни.
Ширин хаёлингни буздимми?
Сени ўйлаб келмайди уйқу,
Қўра туннинг ўзга сеҳри бор.
Тушларимда топай деб гулрў,
Мен ухларман мангу эҳтимол.
Гўзал тушлар тилайман, Лайло!
Яна пайдо бўлдинг йўлимда,
Яна йўлларингда бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Нечун пайдо бўлдинг йўлимда?
Қўшиқ матни:
Балки ўчган эдим ёдингдан
Ширин хаёлингни буздимму?
Лайло, Лайло, сенинг ёнингда
Бирдам кўрмоқчийдим ўзимни.
Дилнавозим, дилафгорим,
Ёнингга учай Лайло!
Ҳисларимни йўлларингга
Маржондай сочай, Лайло!
Сенга ёлғиз сақлаганим
Қалбимни очай, Лайло!
Агар ишқимни рад этсанг,
Қайларга қочай, Лайло!
Яна пайдо бўлдим йўлимда,
Йўлларингда яна бўзладим.
Бечора қалб сенинг кўйингда,
Кўзларингда меним кўзларим…