Ислом АЛИ – 1993 йилда Самарқандда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институтини тамомлаган. Республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. Шеърлари
республика матбуотида чоп этилган.
Ислом Али руҳи тирик шоирлардан. Таниганимга кўп бўлмай, самимийлиги билан адабиёт майдонидаги дўстларига доим ёрдамга шай инсонлигини пайқадим. Юзида мийиғида табассум-у, ичида олови бор, ғурурли йигитлардан яхши шоирлар доим чиққан.
***
Сен кетиб борарсан, шамол сочингнинг,
Рангига бўяйди туннинг бағрини.
Ортингдан ичиккан гўдакдай зор-зор,
Мадорсиз туйғулар чопар оғриниб.
Сен кетиб борарсан, беғам, беташвиш.
Мен сенга термулиб беҳуш қайтаман.
Кўнглимда бир куртак тағин урар ниш.
Эртак озор билан тугар қайтадан.
Сен кетиб борарсан, ўртамиздаги
Ўтмиш ярасини силар — таланган.
Пинҳона тикилган ўт нигоҳингдан
Юзимга туташиб кетар аланга.
Кейин мен кетарман, гоҳи ўйларим,
Гоҳи оёқларим сархуш чалкашиб.
Мен сендан узоқлаб кетганим сари,
Мен сенга шунчалар бўларман яқин.
Сен кетиб борарсан ўйчан ва сокин.
Мен кетиб борарман сипқорганча май.
Ёнимга жилмайиб чиққан аёлни
Сенинг исминг билан чақирдим билмай.
Ўртамиз шу тундай узун чўзилган.
Нурайди бир оний висолнинг кўшки.
Сен кетиб борарсан, икки кўзингда
Денгиздай чайқалиб боради ишқим.
Сен кетиб борарсан…
НУР
Хаёлларим ҳилолнинг
шуъласига чалкашди,
Бу кўҳна дун ичинда
кўнглим ҳамон саркашдир.
Сукут ичра кимлигим
очиб қўйди жимлигим,
Кўзларимни алдаб, сўнг
сўзларимни алқашди.
Аслида мен дунёнинг
ҳайратига харидор,
Ичимга жин қамалган
ёнида бир пари бор.
Ғафлатдаман гўёки
Хаёлларим ва ёки
Пари ухлатмас, ажаб,
Жин уйғотмас, дариғо.
Сочини йиғиб ҳилол
Хаёлотга чўмгай. Сиз
наҳот, бўшлиқ ичинда
нурсизликка кўнгайсиз?
Чўкиб кетар кўзларнинг
Гавҳарига қаро тун,
Мен зулматни зиё деб
шеър айтишим ўнғайсиз.
Жимдирман-у ичимда
асов тулпор пишқирар.
Тушимга сайраб турган
парвоздаги қуш кирар.
Сархушлигим тарқалиб
уйғонсам, ағёр қолиб
Кўз очиб кўрганларим
кўнглимни тафтиш қилар.
Қўл узатсам гулларга,
очмас менга пинжини,
Забоним булбулларга
қиёс эди, инчунун.
Отам илк ва сўнгги дам
уйғонмаган субҳидам
Чинқириб бу дунёнинг
бузиб қўйдим тинчини.
Энди билдим: шоирлар
ўз кўнглига ўзи ёв,
Босмаган одим — армон,
босиб қўйган изи ёв.
Кўкка боқсам негадир
юзимга нур тегадир,
Падаримнинг бу ҳилол
очмаган бир кўзи-ёв?!
Шундан бери талатўп
чалиб келар оёқдан,
Хотирам жонланади
қувват сўриб маёқдан.
Ёритгайдир шамчироқ
ўтмишимнинг тасмасин:
Кунларим гўзал бироқ,
ўсмирлигим қаёқда?
Ҳа, эсладим: кўзимга
Бир шавқи комрон берди.
Бир кун ўша ҳайратим
майга чўкиб жон берди.
Дунёни маст кузатдим.
Тиланчи қўл узатди.
У тағин берди ҳайрат
Мен гадога нон бердим.
Ризқим кетти гадодан
оғзим юмуқ жилмайдим,
Унда нега хатолар
ёнимдан ҳеч жилмайдир?
Дунёга тик боқиб ман
битта сирдан воқифман.
Кўзидан нур қочган, лек
дунё ўзи билмайдир.
Бу борлиқнинг хилқати
бунча чигал, мураккаб.
Худо, сендан бир қатим
нур тиларман юракка.
Бу тун аро нурга ўч
икки кафтим бир ҳовуч
Кўксимга ин қурган қуш
токи сайраб тураркан:
Худо, сендан бир қатим
нур тиларман юракка!
Худо, сендан бир қатим
нур тиларман юракка!
***
Аллалайди руҳингни шовқин,
Эврилади жимликдан тошлар.
Сарҳушликнинг бошланар завқи,
Ҳар толангнинг учидан бошлаб.
Деворларнинг хароба турқи,
Кўзёш тўла жомли зиёфат.
Шиддатингдан маддоҳлар ҳуркиб,
Топар иблисмонанд қиёфа.
Ўрлаб кўкка чирмашар хониш,
Ҳиром қилар саноқсиз телба.
Бирор каснинг узилмас жони,
Тилига бир калима келмай.
Қирилади нафси майиблар,
Басирларнинг порлайди кўзи.
Мағор жамиятни айблаб,
Сўнг ҳаммадан кетасан ўзиб.
Юпунларнинг тўкис ҳаёти,
Ақчадорлар ғарибдан-ғариб.
Тонгга қадар ҳаммаси ботин,
Азондан сўнг бари тескари.
Сотқинларнинг туллак рақсидан,
Фарёд урар тенг ярим мозий.
Жами қабиҳликлар аксидан,
Сўрилади руҳингга озиқ.
Кел.
Руҳингни еч.
Ухла.
Уйғон.
Покдомонлик билан унасан.
Бир оқшомга шоирнинг куйган,
Юрагида қолиб тунасанг.
АРАВА
«Халқона оҳангар» туркумидан
Арава бўш, йўл олис,
Тойқор отим йўрғадир.
От ўзини орқадан
Қувяпти деб қўрқадир.
Чувҳо, чув, чувҳо, чув.
Лўкиллаймиз, йўл туман,
Қаергадир дирдираб.
Қўшиқ айтар, лой кечиб
Ғичир-ғичир ғилдирак.
Чувҳо, чув, чувҳо, чув.
Адашдикми? Билмайман.
Туман ичра чопармиз.
Қуюқлашар ортидан
Олдиндан бехабармиз.
Чувҳо, чув, чувҳо, чув.
Тойқоримнинг юриши,
Менинг сабрим камайди.
Уччасига ниқтасам
Думи билан савайди.
Чувҳо, чув, чувҳо, чув.
Йўл туманли, йўл оғир,
Юриш мушкул уловсиз.
Мен қўрқаман, манзил йўқ,
Яна отим жиловсиз.
Чувҳо, чув, чувҳо, чув.
Илтижо
Ҳилол туни билан чалқанча сузди.
Кулол хом лойини сувлади қайта.
Зилол тушларимнинг ярмида, қизғин,
Билол тонг саҳарлаб исмингни айтар.
Мудрашдан бошқа бир чора бер Худо!
Наҳр шамол билан ўйнашар ошиқ.
Фақир ўз қисматин йўйган шарафга.
Тахир ёмғир каби кўзимнинг ёши.
Ахир, бу кўнгилни ишқсиз тарафга
Судрашдан бошқа бир чора бер Худо!
Тўзиб бораётир дардларим, эски.
Ўсиб бораётир бир алам тинмай.
Сўзим бораётир тобора кескир.
Кўзим бораётир ер чизиб, жимман.
Титрашдан бошқа бир чора бер Худо!
Ўлимнинг сояси кўзга дориди.
Қўлимни заҳматнинг қадоғи босган.
Қўнимни билмаган қушдай ҳоридим.
Тўнимни қисматнинг ямоғи босган.
Бутлашдан бошқа бир чора бер Худо!
Гоҳи мен ғолиблик кўрдим таъзимда.
Ёки мен билмадим ўзимнинг ҳаддим.
Ёғий бош кўтариб турган базмда
Соқий май тўлдириб менга узатди.
Қутлашдан бошқа бир чора бер Худо!