- ЯРАТИҚ
Хосият Рустамовага
Бир ижодкорнинг шуурида унган руҳий оғриқни турли образларда, турли шеърларда ўқиб туриб, бунинг илдизи битмас-туганмас буюк дард эканлигини англайсиз. Шоир буни биздан кўра кўпроқ ҳис қилиб, ўз фикрининг фарзандларини табиатга уйғунлайди. Ўқиб туриб чарчоқ ҳис қилинади ҳар бир сатр (аслияти жуда енгил бўлган оғир юк) сўнгида.
Муаллифнинг китобини ўқий бошлаганданоқ сарбаст сатрлар хаёлни ўғирлайди. Эркинликка талпинаётган капалакни тасвирлаш ҳар қандай даражадаги ижодкорнинг қўлидан келади назаримда. Лекин, озодликдан қўрқаётган капалакни тасвирлаш учун катта куч ва изтироб керак. Фикрим исботида:
Юрагим, мен Сендан ўлгудай қўрқдим,
Бу ахир ҳаётми? Яшашми? – Нима?
Ҳозирги мисраларимиз билан муаллиф бироз журъатсиз ва қахрамонликдан йироқ кўриниши мумкин. Бироқ, У шу шеърнинг сўнгида ўйимиз хом ва бу қўрқувда асос бор дегандек бўлади:
Сен эса тишингдан сачратиб кўпик –
Менинг вужудимда қиласан исён.
Келтириб ўтилган икки айро иккилик мисраларимиз “Денгиз” шеъридан. Денгизни тасаввуримизда сиғдира олмаган бир маҳалда шоир вужудида уйғоқ юрагини денгизлатади. Ҳар қандай ўқувчи бу каби назм меваларини ўқиганда аҳамият бермасдан ўтиб кета олмайди.
Шеърда ҳарактер шаклландими, демак, шоир шахс даражасида. Бизда эскирмас – халқ дардини куйлаш сира урфдан қолмайди. Шахс, шахс дарди деган тушунча бизни чалғитади. Ахир, онги етук ҳар инсон шахс ва муаллифнинг ўзлиги ортидаги ўзак халқ эканлигини англабгина қолмай унда кун кўра бошлайди.
Кўнгил ёш ўтган сайин ёшаравергани каби муҳаббат, рашк ўт олади. Дунё ташвишию табиат силсиласини бир зум унутиб, ўтган умр, умр йўлдош, неча йиллик бардош нафаси шамолдек сочларни тўзғитиб, рангин хаёлларнинг аччиқ ҳақиқати сари бошлайди. Бизга қоронғу бўлган муҳаббат туйнуги киприкларимизга инган сўз ила тобора торайиб борадики, охир-оқибат ё сўқир, ёҳуд телбадек қозоғдан анқиётган ифорга дўнамиз. Ўз-ўзидан шоир бу қайғуни нишоллаётгандек қаламга олади:
Менинг хаёлларим кетар сен томон –
Очиқ деразангдан кирмоқчи бўлиб…
…Ва ақл мағлубият сари етиб боражагининг исботи сифатида
Фақат шу юракнинг рўпарасида –
Ўзимни ортиқча сезаман, холос.
Мисралари кўз очади.
Ўзбек аёлида муҳаббат қандай қилиб юзага чиқади деган саволлар кам эмас. Муҳаббат кўзёш бўлиб дунёга келар экан, ҳар бир аёл (ўзбек) маҳдуд ҳудуднинг энг озод қушига айланади. “Ҳурлик жаранг урган сарбаст қамалда”* шу ҳил вужудга келган чуқур қайғулар умиддан чекиниб, қандай сева олиш мумкунлигини ўргатади:
Олдингга ташлайман нимаки топсам –
Озодликдан бошқа ҳамма нарсани…
Узоооқ ўйга толиб…
Ўйлаб қоламиз… – Исён кимга қаратилади халққами, ҳақиқатгами, болиққами?!. Жавоб – охири шовқинли сукунат. Буни юзага чиқармоқ учун энг аввал қўрқув керак. Шу қўрқув жасурлик озуқаси бўлиб, шундайин даҳшатли фикр(ҳақиқат)ни яратади:
Ахир қандай туғилса итлар –
Мен ҳам шундай туғилган бўлсам.
Одатда сўз билан ифода қила олмайдиган шеърлар доимо ғолиб келади. Бу ижодкор тўғрисида бир икки асосли ва ўринли конкрет фикр билдириб мавзуга якун ясамоқчиман. У ҳаётидаги кўп онни ҳеч иккиланмасдан назмга солади. Шеърлар жуда қисқа – ўқувчини зериктирмайди, шу билан биргаликда севиб ўқилаётган асар тез тугаб қолиш ҳавотирини ўйғотади. Якунларда “портлаш”лар кўп, гоҳида доҳиёна фикрлар шеър ўрталарида ҳам келади. Зўриқиш сезилмайди. Гоҳида аёлларга ҳос ёндашиш – кимгадир суяниш ҳисси шеърларда сочмадан устун келади.
Қолган менга маъқул бўлган шеърларни фақатгина нигоҳим билан ифода эта оламан, холос…
17.02.2021й
Феруз Неъматуллаев
*Мақола муаллифининг шеъридан олинган мисра
t.me/Feruz_Nematullayev