МУТОЛАА
“MEN QOʹRQAMAN”. Jahon adabiyotining eng sara esselari. “Yangi asr avlodi”, 2025-yil. Tarjimon: SHERZOD KOMIL XALIL.
(“Мен қўрқаман” таржима китоби мутолаасидан сўнг хаёлимда пайдо бўлган турфа таассуротлар)
Китоб аннотациясида ёзилганидек, “Kitobda jahon adabiyoti klassiklari esselarining bir toʹplam koʹrinishida yigʹilishi bu janr tabiatiga qiziquvchi keng kitobxonlar ommasini befarq qoldirmaydi degan umiddamiz”.
Мен жаҳон адабиётининг сара эсселаридан ташкил топган ушбу “Мен қўрқаман” номли моҳиятан ғоят фойдали китоб ҳақида йирик адабий мақола ёки эссе-муносабат ёзишни дилимга тугдим, модомики, жаҳоний адиблар тафаккуридан йўғрилган, олам ва одам, инсон ва табиат, жамият ва шахс, адабий танқид, адабиётнинг тарғибот воситаси эканлиги, юзага келган адабий оқимлар ва ижод жараёни, чексиз борлиқда ҳаётдан маъно излаётган инсон руҳияти эврилишлари, оламнинг ягоналиги ва бу оламда инсоннинг ўрни ва моҳияти, адабиётнинг башарият тафаккур равнақида тутган улкан мавқеи ва бошқа долзарб мавзуларга бағишлаб битилган залворли эсселар мутолаасидан сўнг катта бир таассуротлар ёзиш ҳар бир нуктадон китобхон учун шараф деб ҳисоблайман. Режалаштирилган катта адабий мақолада адабиётда “эссе” атамасининг пайдо бўлиши ва бу ҳодиса француз Уйғониш даврининг йирик намояндаси, файласуф ва ёзувчи, эссе жанри асосчиси Мишель Монтень (1533 ‒ 1592) ва у яратган инсон руҳияти, ахлоқ ва билим ҳақидаги ўзига хос фалсафий мулоҳазалардан иборат, инсонпарварлик ғоялари тараннум этилган “Сабоқлар” китоби билан чамбарчас боғлиқлиги, бу жанрнинг Шарқ халқлари адабиётидаги “бадиа” (“бадеа”) атамаси билан маънодош-хусусиятдошлиги, мустабид Шўро ҳукумати ҳукмронлиги йилларида эркин ва ҳур фикрли инсонларга нисбатан мафкуравий тазйиқлар, эссе жанрига оид асарларни чоп этиш, матбуот саҳифаларида эълон қилиш таъқиқлангани ва шу мавзу доирасига тааллуқли фикр-мулоҳазаларимни батафсил баён этишни кўзда тутганман. Ва шу ўринда қалбимга сафо бўлиб қуйилган ёқимли ва алланечук тотли бир туйғулар билан эътироф этишим лозимки, мазкур китоб мутолааси хотирам уммони қаърларида пинҳон туйғуларни мажлантириб юборди; юзага қалқиб чиққан қачонларги дилбар таассуротлар онг-шуурим ва руҳиятимни яна эсселар оламига назар солишга қаратди. Шу маънода камина “Мен қўрқаман” китоби юзасидан дастлабки мухтасар таассуротларимни баён этишдан аввал хиёл чекиниш билан фикр-мушоҳадаларимни баён этишни мақбул кўрдим, ҳолбуки, бу таассуротий чекиниш ўзига хос дебоча вазифасини ўтаб беради.
Узоқ йиллардан буён қалби маънавиятга ташна китобхон сифатида жаҳон адабиёти хазинасидан китобхон маънавий-руҳий оламини бойитадиган баркамол эсселарни ҳам синчиклаб мутолаа қилишда давом этаяпман. Аввалги битикларимда алоҳида қайд этганимдек, неча йиллар муқаддам “Жаҳон адабиёти” журнали (2000, № 9) саҳифаларидан америкалик атоқли ёзувчи ва файласуф Генри Дэвид Торо қаламига мансуб адибнинг эркин фикри, ҳаётий қарашлари ва ҳис-кечинмалари ўзига хос оҳангда баён этилган “Эътиқодсиз ҳаёт” номли эссесини айрича қизиқиш туйғулари измида мутолаа қилдим ва шу палладан эътиборан бу жанрда ёзилган асарларга қизиқишим кучайди. Шунга мувофиқ “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик”, “Тафаккур”, “Сирли олам” журналлари ҳамда бошқа адабий-илмий манбаларда ёритилган эсселарни қунт билан мутолаа қилишга бутун бошим билан шўнғиб кетдим; ҳатто руҳиятим ва онг-шууримда гоҳида бир оғриқли фикр пайдо бўла бошлади, яъники, “ҳозир ўқиб чиқаётган эсседан кейин яна шу руҳдаги эсселарни журналлар саҳифаларидан топа олмай қолсам-а!” деган ҳадик туйғулари қалбимда ўзига хос фобияга эврила бошларди; мен бу аломат ботиний хавотирлик ҳодисасини “эссе мутолаасизлиги фобияси” деб ҳис этишга, англашга уринар эдим. Бироқ толеимга шукрки, севимли нашрларим саҳифаларида мутолаабоп эсселар мунтазам ёритилар, мен эса кўтаринки маънавий иштиёқ туйғулари билан мутолаа қилишда давом этардим. Бинобарин, “Сизиф ҳақида афсона”, “Исён ва санъат” (А.Камю), “Барҳаёт шоҳ афсонаси” (Е.Березиков), “Хандақ” (А.Вознесенский), “Авлодларга мактуб” (Ф.Петрарка), “Эйфел минораси ёнидаги ўйлар” (Ч.Айтматов), “Бир роман тарихи” (Т.Вульф), “Уч фидойи аёл қиссаси” (М.Монтень), “Отамга хат” (Ф.Кафка), “Менинг эътиқодим” (Э.Фромм), “Ал-Маъмун” (Н.В.Гоголь), “Зигмунд Фрейд” (С.Цвейг), “Менинг Буддам” (Д.Икэда) каби дунё тафаккур аҳлига улкан таъсир кўрсатган эсселар мутолааси дунёқарашларим шаклланишида катта аҳамият касб этди; онг-шуур, идроким қаршисида, руҳиятим маъволарида янги соҳир дунёлар пайдо бўла бошлади. Йиллар ўтаркан, турли жанрларда ёзилган йирик асарлар қаторида мазмундор эсселар ўқишда ҳам давом этдим; ҳолбуки, бу хил асарлар мутолаасига руҳиятим фанатик даражада боғланиб қолди. Эътироф этишим керакки, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур” журналлари ҳамда “Китоб дунёси” газетаси саҳифаларида ёритилган “Фаридиддин Аттор” (Азизий), “Фридрих Нитше ижод кўзгусида” (Л.А.Саломе), “Озод инсон ибодати” (Б.Рассел), “Сўз кимёси” (Ян Парандовский), “Жаҳон адабиёти кутубхонаси” (Ҳ.Ҳессе), “Улисс” (К.Г.Юнг), “Марсель Пруст” (А.Моруа), “Жеймс Жойс” (В.Ивашева), “Ижод эҳтиёжи” (Ж.Оруэлл), “Ёш романнависга мактуб” (М.В.Льоса), “Мен англаган ҳаёт” (Ж.Лондон), “Ёлғизлик анатомияси” (Т.Вульф), “Борхес ҳақидаги хотираларим” (О.Пас), “Демак… биз тирикмиз!” (К.Фуэнтес), “Болаликдан кейинги янги йил” (Ч.Диккенс), “Туғилмоқ ‒ севмоқ демак” (Б.Паскаль), “Бўр билан чизилган халқа” (Э. Г.Маркес), “Фонийлик”, “Санъаткор ва таҳайюл” (З.Фрейд), “Инсон қалби” (Э.Фромм), “Шахсий хона” (В.Вульф) сингари дунёни ўйга чўмдирган, теграсида ҳамон катта ижтимоий баҳслар давом этаётган залворли эсселар мутолааси маънавий-руҳий оламимни чексиз бойитди, дунёқарашларим уфқини кенгайтирди. Шу баробар, ўзбек адабиёти саҳифаларидан “Мангу Жалолиддин” (С.Мели), “Шайтон нега йиғлаган?” (И.Ҳаққул), “Азал майининг мазаси” (И.Ғафуров), “Таваллодан муножотгача” (Н.Жўраев), “Чўлпон ва мусиқа” (Н.Каримов), “Қиссалардан ҳиссалар” (Отаули), “Одил Ёқубов ибратлари” (М.Аъзам), “Одил Ёқубов хазинаси” (А.Жўраев) каби талай салмоқдор эсселарни ҳам кўтаринки маънавий иштиёқ туйғулари билан мутолаа қилиб, тубсиз мушоҳада уммонига шўнғидим, қимматли маълумотларга эга бўлдим.
Эссе жанри ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида бир шингил маълумот устида тўхталиб ўтамиз. Эссенавис адиба Севара Алижонова шундай таъриф беради:
“Эссе ‒ мулоқот. Сўзлар восасида ғойибий китобхон билан юзма-юз кўришув, жонли суҳбат”.
“Эссе ‒ лирика, оҳанг, қўшиқ. Фикрларнинг оҳангга солинган шакли. Кўпинча кўнгил қаъридан отилиб чиққани боисми, эсселар ўз оҳанги билан яралади”.
Равшан англашилиб турганидек, “Мен қўрқаман” тўпламидаги эсселарни синчков мутолаа қилиб, тафаккури қамровдор адиблар билан қаламга олинган турфа мавзулар юзасидан ғойибона мулоқот қилдим, суҳбатларидан баҳраманд бўлдим; борлиқ ва инсон моҳияти ҳақида чуқур мушоҳада уммонига шўнғидим; ана шу сир-синоатга чулғанган борлиқ оламда ҳаётдан маъно излаётган инсон деб аталмиш хилқат ва унинг тийнат-табиати, атроф-оламга муносабати хусусида аввалги дунёқарашларим уфқи янада кенгайди, онг-шууримда ажабтовур фикр-мулоҳазалар ялт-юлт эта бошлади. Мутолаадан кейинги таассуротларим олам-жаҳон, ботиндаги ҳиссиётларим, кайфиятим хушҳол, самовий эди.
Шу ўринда китобхон эътиборини муҳим бир жиҳатга қаратмоқни истадим. Яъни, китоб муқоваси олд кўринишида эсселари таржима қилинган адиблар исми-шарифи қайд этилган. Эҳ-ей, қандай улуғ сиймолар, қандай даҳо адиблар, қандай жарангдор номлар! Булар ‒ оламшумул асарлари билан умумбашар тафаккур равнақига улкан таъсир кўрсатган Нобель мукофоти совриндорлари, яна бошқалари ўз даврида жаҳон адабиёти осмонида ёрқин юлдуздек порлаган ва ҳозирги кунларда ҳам порлаётган, моҳиятан жаҳоншумул асарлари билан дунёни ҳайратда қолдирган, ўйга чўмдирган буюк адиблар! Шу жиҳатдан аёнки, бу хил жаҳоний адиблар тафаккуридан йўғрилган, чуқур фалсафий руҳ билан суғорилган, бир неча маъно қатламларига эга бўлган асарларини таржима қилиш, у ёки бу мавзу теварагида талқин қилинаётгаан, тил ва услуб жиҳатидан мураккаб қурилмали, мушоҳадалар изчиллиги, мантиқийлиги ва бир ўзанга қуйилиб бораётган яхлит силсиласини таржимада сақлаб қолиш ҳам мутаржимдан чуқур билим, закийлик, таҳайюл кучи, қизғин ижодий шижоат ва маънавий жасорат, жаҳон мумтоз адабиёти, фалсафаси, руҳиятшунослик фанларидан лозим даражада билим доираси ҳамда мустаҳкам шаклланган кўникмалар талаб этади. Китобда жамланган эсселарни қунт билан ўқиб чиққан китобхон шу ҳақиқатни чуқур англаб етадики, Шерзод Комил Халил юқорида зикр этилган ёрқин ижодий сифатларга, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган маҳоратли мутаржим, серқирра ижодкор эканлиги мутолаа жараёнида яққол англашилиб туради. Яна англашиладики, маданий ва маънавий ҳаётимизда ўзига хос воқелик бўлган, жаҳон адабиётининг энг сара эсселари маърифатли китобхонларга туҳфа қилинган ушбу китоб мутаржимнинг узоқ йиллик изланишлари, машаққатли ижодий меҳнатлари самараси ўлароқ дунёга келган. Фурсатдан фойдаланиб, истеъдодли таржимон Шерзод Комил Халилни эссесевар китобхонлар номидан самимий муборакбод этаман.
Китобда жамланган жозибадор эсселар китобхон қалбига рангин таассуротлар, турфа кечинмалар, мавжли ҳиссиётлар армуғон этади. Айтайлик, “Тушдан кейинги Пекин кузи” (Мо Ян) қалбимизда она табиатга меҳр-муҳаббат туйғуларини юксалтиради, куз фаслининг ўзига хос нафис манзаралари руҳиятимизга эстетик завқ бағишлайди; ҳаёт йўлларимизда қачонлардир содир бўлган, куз фасли билан боғлиқ ажабтовур воқеалар хаёлимизда қайта гавдалана бошлайди: хазонрезги қоплаган боғ-роғларда, олтин поёндоз тўшалган йўлкаларда хаёлан маҳзун сайр этамиз ‒ яшамоқ завқидан дилимизда Яратганга шукроналик туйғулари жилва қилади; аҳвол-руҳиямизда недир синоатли эврилишлар рўй бераётганини ҳис эта бошлаймиз. Ҳолбуки, мафтункор табиатнинг оромбахш-осуда гўшалари завқ ва ижод манбаи, руҳан юксалиш масканидир. Бу ҳайрат масканлари бизни улуғвор мақсадлар сари етаклайди, инсон қалбидаги ижодкорлик ҳислатларини чандон кучайтиради, жўштиради, ажиб илҳом бағишлайди.
Ўз фикр-мулоҳазаларини мантиқан изчил давом эттирар экан, табиатсевар адиб Мо Ян шундай ёзади: “Пекин кузига қойил қолиш учун энг машҳур жой, албатта, Тангритоғ деб ўйлайман. Бу жуда ҳам ғаройиб маскан. Чунки бу ерда кузнинг охирига келиб тоғ ён бағридаги ўрмон қизил рангга бурканади. Энг узоқ барглари қизил рангда турадиган дарахт чинор ҳисобланади. Ўйлайманки, ўз даврида Сао Сюэсин кузнинг қизил баргларини томоша қилиш учун Тангритоғ қўйнига келган, Налан Синде ҳам ўша даврнинг бошқа кўплаб сарой аристократлари ва таниқли одамлари сингари бу ерга келган, албатта. Чжоу Зуорен узоқ вақт давомида шу ердаги маҳаллий маъбадда яшаган, шунинг учун унинг барча асарлари кузга тўйинган ва куз барглари аниқ ажралиб турадиган ранг хоссаларига эга”.
Авваламбор саҳифа қуйисида ёритилган изоҳларга назар ташлаймиз:
Sao Syuesin ‒ “Qizil koʹshkdagi tush” klassik roman muallifi.
Nalan Sinde ‒ XXVII asrda yashagan taniqli manjur shoiri.
Яққол англашилиб турганидек, латофатга бурканган она табиат қучоқлари руҳияти гўзалликка ошуфта ижодкор қалбида ижод иштиёқини тантанавор гуруллатади, таҳайюл ва сезги-сезимларимизда илоҳий ҳиссиётлар ҳосил қилади, кашфиёт асарлар дунёга келиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Зеро, осуда табиат улуғворлиги, руҳни аллаловчи сокинлик дамлари мислсиз илҳом бағишлайди ва қалбида узоқ вақтлар мобайнида ардоқлаб келаётган, дунё юзини кўриш учун қулай шарт-шароит кутаётган шоҳ асарларни рўёбга чиқаради. Моҳиятан илоҳий бу ҳодисага колумбиялик машҳур адиб Габриэль Гарсиа Маркесни ибратли мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Воқеан, неча йилларки қалбини беором қилаётган шоҳ асарини дунёга келтириш учун адиб осуда табиат қўйнига, илҳомбахш ўрмон гўшаларидан қўним излади; қалбига мислсиз ижодий шижоат, руҳиятига илоҳий қувват бағишлаган соҳир маскан оғушларида “Ёлғизликнинг юз йили” романини кўнгилдагидан зиёд равишда ёзиб тамомлади. Роман дунё китобхонлари тафаккурини ларзага келтирди, адибга оламшумул шуҳрат олиб келди. Лотин Америкасининг яна бир забардаст адиби, перулик Марио Варгас Льоса фавқулодда илҳом кучи билан яратилган ушбу романга “адабиётдаги зилзила” дея муносабат билдирди. “Ёлғизликнинг юз йили” дунё адабиётида “фусункор реализмнинг ёрқин намунаси” сифатида юксак эътироф этилди; йирик адабиётшунослар ва тадқиқотчилар талқинига кўра, бадиий генезиси “Инжил”даги Мельхисдекага бориб туташувчи, инсониятни йўқлик сари етаклаётган цивилизация тимсоли бўлиб гавдаланган Мелькиадес образи эса, ХХ аср жаҳон адабиётининг энг мукаммал тимсоли деб эътироф этилди. Ёзувчи эса асосан “Ёлғизликнинг юз йили”дек оламшумул романи ва жўшқин адабий фаолияти учун 1982 йили адабиёт йўналишида халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланди.
Қиссадан ҳисса шуки, Яратган одамзодга инъом этган улуғвор табиатнинг руҳни юксалтирувчи сеҳркор гўшалари ижодкор қалбидаги улкан ижодий режалар, мақсад-муддаоларнинг рўёбга чиқишида мададкор куч бўлади, вужудига илоҳий куч-қувват ато этади.
Шунда хаёлимда беихтиёр бир фикр-мулоҳаза ярқ этади: таассуротларим аввалида ёдга олганим америкалик ёзувчи Генри Дэвид Торо, шунингдек, болгариялик ғайриоодий қобилият соҳибаси, кароматгўй аёл Ванга (Вангелия Пандева-Гуштерова) ўз битикларида бани башар авлодларига мурожаат тариқасида нақл қилишганидек, инсон ҳамиша табиат билан уйғунликда яшаши керак, шундагина унинг руҳияти осуда, тийнати мусаффо бўлади, зотан, она табиатни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бугунги инсониятнинг келажак авлодлар олдидаги ғоят масъулиятли бурчидир.
Тўплам таркибидаги биринчи эссе ‒ “Festina lente” ҳам мазмун-моҳияти билан ўқувчи диққатини тортади. Ажойиб сарлавҳа, ажойиб эссе! Дафъатан нигоҳимиз саҳифа қуйисида берилган изоҳга қаратилади:
“Festina lente” ‒ lotinchada “Sekin shoshiling” ma’nosini ifodalaydi.
Фалсафий ибора. Иқрор бўлиб айтишим мумкинки, улуғвор асарлари дунёқарашимга сезиларли таъсир кўрсатган бу адиб ҳақида мухтасар тўхталиб ўтишни жоиз ҳисобладим, дилимдагиларни жўшиб сўзлагим келди…
Бундан қарийб 12 йиллар муқаддам ўзбек тилига таржима қилинган, китоб ҳолида нашр этилган “Эдварда” (аслиятда ‒ “Пан”) номли ғоят мафтункор романни ўқиб, дилимни ларзакор ҳиссиётлар қамраб олди ва Ҳамсун ижоди тафаккуримни ўзига кучли даражада жазб эта бошлади. Шу ҳиссиётлар оғушида манбалардан таржимаи ҳоли, ҳаёти ва ижодига оид маълумотларни ўқиб чиқдим.
Кнут Ҳамсун ‒‒ забардаст норвег ёзувчиси, шоири, драматурги ва публицист. 1917 йилда ёзилган “Ер мевалари” романи учун адабиёт йўналишида Нобель мукофоти билан тақдирланган…
Алоҳа, дунё адабиётида катта шуҳрат қозонган “Очлик” ҳамда “Виктория” романларини кучли маънавий иштиёқ билан такрор-такрор мутолаа қилдим; пировард натижада “Кнут Ҳамсун” ‒ психологик романлар устаси” номли адабий мақола ёздим ва ФБ саҳифаларида ёритдим.
“Festina lente” эссесида адиб инсоннинг ҳаёт давомида амал қилиб яшайдиган шиори атроф-теварагида ўз ҳаётий қарашларини фалсафий мушоҳадалар негизида баҳоли имкон баён этади. Шу маънода муаллиф бир ўринда шундай фикр-мулоҳаза талқин этади:
“Дунёда мендан кўра кўпроқ ақлий қобилиятга эга бўлган одамлар бор ва улар бир-биридан кейин мавжуд бўлиш андазасини ўйлаб топишган. Анри Бергсон учун бу сезги эди. Эйнштейн учун эса нисбийлик назарияси бўлган, лекин менинг қалбим ортида ҳеч нарса йўқ, эрудиция йўқ. Мен ғирт нодонман, ҳатто мактаб гувоҳномам ҳам бўлмаган. Мен шу ерда яшайман, ўз еримдаги бегуноҳ ва кенг феълли оддий деҳқонман”.
Мазкур эътироф жумлалари замирида икки муҳим жиҳатни кашф этамиз.
Камтарлик ‒ эзгу хислат-фазилат. Юқоридаги жумлалардан адибнинг нақадар камтар фазилатли, кенг феълли инсон эканлиги англашилиб турибди. Ваҳоланки, ўзини “Мен ғирт нодонман, ҳатто мактаб гувоҳномам ҳам бўлмаган” деб бағоят хокисор тутган инсонни вақтлар келиб заковат соҳиби сифатида бутун инсоният эътироф этди, “қалбим ортида ҳеч нарса йўқ, эрудиция йўқ” дея шоён камтарлик қилган Ҳамсун аслида қалби буюк инсон сифатида адабиёт оламида шон-шарафларга бурканди.
Яна бир муҳим жиҳати ҳақида тўлқинланиб сўзлагимиз келади. Яъни, ўз ерида яшайдиган бегуноҳ ва кенг феълли инсон 1920 йили “Ер мевалари”дек монументал асари учун” нуфузли Нобель мукофоти билан тақдирланди! Бинобарин, Ҳамсун меҳр билан уруғ сочиб, она заминдан ҳосил ундираётган заҳматкаш деҳқон сифатида одамзодни ўз ноз-неъматлари билан ризқ-рўз улашаётган она замин буюклигини вужудида чуқур ҳис этиб яшаётганди! Шу боис, замин улуғворлиги ҳамда заҳматкаш деҳқон меҳнати улуғвор тараннум этилган роман дунё миқёсида шуҳрат қозонди.
Алоҳида таъкидлаб ўтганимиздек, тўпламдан жой олган ҳар бир эссе китобхонга турфа таассуротлар, рангин ҳиссиётлар, мавжкор кечиналар бахш этади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос эстетик таъсир кучига, илмий-бадиий қимматга эга. Мисол тариқасида назар ташласак, мазмунан “Янги догмалар олдида бағрикенгликка чорлов” тарзида яратилган “Мен атеистманми ёки агностик?” номли эссесида жамият ва шахс муносабатларида ўзини “агностик” ёхуд “атеист” дейиши кераклиги борасида мудом бир қарорга келолмай қийналган, ўз иқрорича, мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини рационалист одам сифатида талқин этган Бертран Рассел китобхонда ўз замонасининг теран мушоҳадали заковат соҳиби, айни паллада қалби ва мураккаб дунёқараши зиддиятларга тўлиб-тошган файласуф сифатида аломат таассурот қолдиради. Шу ўринда бир неча йиллар аввал “Китоб дунёси” газетаси саҳифаларида ёритилган, Рассел қаламига мансуб “Озод инсон ибодати” номли адабий-фалсафий эссени ўқиб, ҳайратда қолганимни эътироф этишни лозим топаман. Яна эътироф этиш керакки, британиялик файласуф, математик ва жамоат арбоби Бертран Артур Уильям Рассел учқур заковат соҳиби сифатида теран мушоҳадалар билан суғорилган адабий-фалсафий руҳдаги асарлари учун 1950 йилда адабиёт йўналишида халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлди.
“Санъат ва тарғибот чегаралари” эссесида Жорж Оруэлл адабий танқид, адабиёт тарғибот воситаси эканлиги, ижодга хос бўлган адабий шакл ва техника хусусида яхлит қарашларини илмий жиҳатдан теран баён этади; адабий танқид, санъат ва тарғибот ҳақидаги тушунчаларимиз доирасини кенгайтиради, Аҳамиятли жиҳати, эссе мутолаасидан жаҳон адабиёти хазинасига “1984” номли ғайрихаёлий (антиутопик, дистопик…), “Руҳоний қизи” номли ўзига хос ҳаётий, экспериментал романлари, “Молхона” номли ғайрихаёлий (антиутопик, аллегорик, рамзий…) қиссаси билан муносиб улуш қўшган британиялик бу буюк ёзувчи айни дамда рисоладаги адабиётшунос бўлганлиги ҳам равшан англашилади.
“Бизнинг ҳаёт дарёмиз” (Г.Г.Маркес) эссеси умуминсоний долзарб мавзулардан бирида ёзилганлиги билан диққат-эътиборга молик. Эсседа Магдалена дарёси бўйлаб икки марта сайр қилиш имкониятига мушарраф бўлган Маркес бутун инсониятни табиатни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга, наботот ва ҳайвонот дунёсига, ер ости ва ер усти бойликларига оқилона муносабатда бўлишга чорлайди. Зеро, кейинги даврларда экологик муаммолар глобал муаммолардан бирига айланиб, жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солмоқда. Эсседа адиб, жумладан, куюниб шундай ёзади:
“Ҳозирги вақтда Магдалена дарёси ўлик, суви заҳарланган, ҳайвонот олами эса йўқ бўлиб кетиш арафасида… Магдалена дарёсини камида тўрт авлоднинг машаққатли саъй-ҳаракатлари билангина, эҳтимол, тикласа бўлади, бошқача айтганда бунга бутун бир аср керак”.
Ойдин англашилиб турганидек, табиатга, ҳайвонот ва наботот дунёсига шавқатсизларча муносабатда бўлиш аянчли ва мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Варгас Лоса ва учинчи дунё мамлакатлари адабиёти” (Ў.Помуқ) эссеси ҳам чуқур ҳаётий қарашларга, фалсафий кузатишларга асослангани билан айрича аҳамият касб этади. Муаллиф ўз олдига аввало: “Учинчи дунё мамлакатлари адабиёти борми? Бу мамлакатлар адабиётининг асосий хусусиятларини одатий ҳукмлар ва нотўғри қарашларга берилмасдан қандай тавсифлаш мумкин?” ‒ деган саволни кўндаланг қўяди ва ўз адабий-фалсафий қарашлари негизида муҳим объект ҳамда тадқиқот манбаи тариқасида перулик адиб Варгас Лосани танлаб олади. Ўрхон Помуқ мавзу доирасида Варгас Лоса қарашларининг илк шаклланиш босқичида Сартр ва Камю каби файласуфларнинг улкан таъсири, ижодига Дос Пассос, Жеймс Жойс, Эрнест Хемингуэй, Жорж Батай, Фолкнер каби улкан адибларнинг сезиларли таъсири хусусида айтмоқчи фикр-мулоҳазаларини мантиқан изчил баён этади. Фикр-мулоҳазаларини мантиқан асослаш ва қувватлаш учун Варгас Лосанинг бир-бирига бемалол айланиб кетадиган ҳодисаларни алмаштириш техникасидан моҳирона фойдаланган “Андахдаги Литума” романига мурожаат қилади; роман воқеликлари мазмун-моҳиятини тўлақонли таҳлил қилишга ҳаракат қилади. Шу маънода бир ўринда Варгас Лоса романига шундай таъриф беради: “Роман афсоналар, қадимги худолар, тоғ руҳлари, жинлар, йиртқич ҳайвонлар ва жодугарлар билан тўйинган”.
Ўрхон Помуқ эсседа Варгас Лосанинг ижтимоий-сиёсий қарашлари хусусида ҳам қимматли фикр-мулоҳазаларини талқин этади. Эссе мутолааси жараёнида қизиқ бир жиҳат хаёл кўзгумизда савқи-табиий билан бот-бот гавдаланиб туради. Яъни, улуғвор адабий фаолияти учун Ўрхон Помуқ 2006 йили, Марио Варгас Льоса 2010 йили Нобель мукофоти билан тақдирланган.
Хулоса қилиб айтганда, “Мен қўрқаман” китоби таркибидаги ҳар бир эссе юзасидан турли-туман таассуротлар, адабий-илмий мақолалар ёзиш мумкин. Ёки айтайлик, “Олмония ва олмонлар” (Т.Манн), “Шоир ва наср” (И.Бродский) каби мазмунан лонгселлер эсселар жиддий илмий тадқиқотлар яралишига мустаҳкам замин ярата олади. Таассуротларимиз сўнгида истеъдодли ва изланувчан таржимон Шерзод Комил Халилдан жаҳон адабиётидан янги таржималар кутиб қоламиз, серқирра ижодига катта муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Muallif: Oqiljon Gʻofurov






